Загрузка
Загрузка
Эксперт: 9 майни қайта номлаш керак бўлса, тарихий тўғри бўлган “Ғалаба куни” номи билан  аташ лозим
Жамият

Эксперт: 9 майни қайта номлаш керак бўлса, тарихий тўғри бўлган “Ғалаба куни” номи билан аташ лозим

759
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкентдаги "Абадий полк" акцияси ташкилотчиси, эксперт Тимур Исмоилов 9-майни “Ғалаба ва Хотира” куни деб номлаш тўғрисидаги петицияни таҳлил қилди. Унинг фикрича, бу яхши ташаббус бўлсада, бундан ҳам олдинга қадам ташлаш ва бу кунни "Улуг Ватан урушидаги Ғалаба куни" деб номлаш орқали тарихий адолатни тиклаш зарурдир.

"Бир неча кун олдин, "Mening fikrim" жамоавий мурожаатлар порталида "Хотира ва қадрлаш куни" номини "Ғалаба ва Хотира куни"га ўзгартириш тўғрисида петиция пайдо бўлди. Порталдаги маълумотларга кўра, петиция 16 март куни жойлаштирилган, аммо негадир экспертиза жараёни икки ой давом этган. Гарчи белгиланган тартиб бўйича бунга 15 кунгача вақт ажратилган. Овоз бериш эндигина бошланганига қарамай, ижтимоий тармоқларда қизғин музокаралар бўлиб ўтмоқда", –деди у.

Исмоилов петиция билан боғлиқ иккита муҳим жиҳатга эътибор қаратган.

1. Янги номни ихтиро қилиш керакми?

Петиция муаллифи тарихий шаклланган ном ўрнига янгиси - "Ғалаба ва Хотира куни"ни киритишни таклиф қилмоқда. Бу таклиф танқидга учраб бўлди, чунки урушда қозонилган ғалабани нишонлаш доимо ҳалок бўлганларга эҳтиром кўрсатишни назарда тутади.

СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1945 йил 5 августдаги қарорида "9 май умумхалқ тантанаси- Ғалаба байрами" деб белгиланган. Эртаси куни, Олий Бош Қўмондон И.Сталиннинг 369-сонли буйруғи қабул қилиниб, унда 9 май бевосита Ғалаба Куни деб аталган (айнан бош ҳарфлар билан).



Мазкур ном билан байрам республикамизда 54 йил давомида, то 1999 йилгача нишонланиб келинган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 2 мартдаги ПФ-2243-сонли Фармони асосида 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди. Демак, биз яна тарихни бузган ҳолда янги ном ўйлаб топмоқдамиз. Аммо нима учун? Байрамнинг асл номига қайтиш керак.

2. Қайси урушдаги ғалаба?

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларида қонун ҳужжатлари ва оммавий ахборот воситаларида нашр этилган мақолаларда "Улуғ Ватан уруши" деган иборадан қочиш тенденциясини кузатила бошланди. Даставвал, "1941-1945 йиллардаги уруш" ибораси, кейин эса "Иккинчи Жаҳон уруши" дегани муомалага кириб келди. Ушбу ўзгариш тарафдорлари бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ, чунки Иккинчи Жаҳон уруши Улуғ Ватан урушини ўз ичига олади, деб айтишлари мумкин. Тўғри, фақат тарихшуносликда Иккинчи Жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрда бошланиб, 9 майда эмас, Япония таслим бўлган пайт- 1945 йил 2 сентябрда тугаган. Шу куннинг ўзида СССР Олий Кенгаши Президиумининг Фармонига кўра, 3 сентябрь умумхалқ тантанаси куни - Япония устидан қозонилган ғалаба куни деб эълон қилинди.


Бундан ташқари, 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидан ташқари, СССР учун Иккинчи Жаҳон уруши бошқа урушларни ҳам ўз ичига олиб, уларда ўзбекистонликлар иштирок этишган:

- Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссияни озод қилиш - 1939 йил 17 сентябрдан 5 октябргача;

- Фин уруши - 1939 йил 30 ноябрдан 1940 йил 13 мартгача;

- Бессарабия ва Шимолий Буковинанинг СССР билан бирлашиши - 1940 йил 28 июндан - 3 июлгача

- Эрон операцияси - 1941 йил 25 августдан 17 сентябргача

- Милитаристик Японияга қарши уруш - 1945 йил 9 августдан 2 сентябргача.

Афсуски, Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон уруши ҳақида гапирилганда, Иккинчи Жаҳон урушидаги ҳарбий операцияларга эътибор берилмайди. Яқинда Тошкентда очилган Ғалаба боғида тақдим этилган суратлар қаторида 1939-1941 йиллардаги ва 1945 йилда Узоқ Шарқда ўзбекистонликларнинг ҳарбий йўллари ҳақида баён этувчи экспонатлар мутлақо йўқ.

Бошқача айтганда, Ўзбекистонда 21 йил давомида кетма-кет "Иккинчи Жаҳон уруши" ибораси фақат "Улуғ Ватан уруши" деб номланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги ПҚ-4495-сонли қарори тарихий тафовутнинг белгиси ҳамда мамлакатимизга бўлган ҳурматни пасайтирувчи омил бўлиб, унда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба кунини 9 май куни нишонлаш белгиланган. Ҳолбуки, 1939-1945 йиллардаги Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалаба куни сентябрь ойининг бошида нишонланади.

Исмоиловнинг хулоса қилиб таъкидлашича, 9-майга Ғалаба куни мақомини қайтариш таклифи тўғрисидаги петициянинг берилгани яхши. Шу билан бирга, ваколатли идоралар томонидан номни ўзгартириш бўйича қарор қабул қилиш пайтида тарихий адолатни тиклаш ва бу кунни 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалаба куни деб номлаш мақсадга мувофиқдир.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...