Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бухоро вилоятига ташриф буюриб, май ойида белгиланган режаларнинг амалга оширилиши билан танишди.
Хусусан, белгиланган ишлар доирасида "Жўйзар" каналининг 9 километри бетонлаштирилган. Яна 10 километр қисмида ишлар давом этмоқда. Лойиҳа амалга оширилгач, йилига 12 миллион куб метр сувни тежаш имкони яратилади. Канал ёнида балиқчилик хўжалиги ҳам ишга туширилган.
Шунингдек, "Шайхонча" маҳалласида 240 ўринли замонавий боғча барпо этилгани маълум қилинган.
Ташриф давомида Бухорода туризмни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган. Жумладан, "Афшона" мажмуаси, этно-уйлар, "Жўйи Мулиён" каналини тиклаш, янги аэропорт яқинида меҳмонхоналар қуриш ва туристик кластер ташкил этиш режалари кўриб чиқилган.
Туризм соҳасидаги асосий мақсад — Бухорога йилига 10 миллион сайёҳ жалб қилиш ва вилоятни транзит ҳудуддан тўлиққонли сайёҳлик манзилига айлантиришдир.
Ташриф якунида Саида Мирзиёева Бухоронинг "Етти пир" қадамжоларини зиёрат қилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида жойлашган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектар майдонни комплекс ривожлантириш ва аҳоли учун очиқ жамоат паркига айлантириш ишлари бошланганди. Мазкур ташаббус ҳам Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан июль ойида пойтахт истироҳат боғларини кўздан кечириш ва уларни аҳоли учун ноқулайликларсиз очиқ ҳамда шинам маконга айлантириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилаётган эди.

Изоҳлар мавжуд емас