Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. “Маъно” тадқиқотли ташаббуслар Маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, Қирғизистонда ўзбек-қирғиз чегара муаммоларини ҳал қилиш масаласи ички элита келишмовчиликлари предметига айлантирилган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон шундай ҳам ўзига фойдасиз шартларни қабул қилиб, Қирғизистон учун кўп нарсадан воз кечган. Бироқ, бу ҳам баҳсли ҳудудларнинг 100 фоизини олмоқчи бўлган қирғиз мухолифатини қониқтирмаяпти.
“Сўнгги икки ҳафта ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш жараёнига бағишланган бир нечта интервюларимда шуни таъкидладимки, асосий муаммо - Қирғизистонда бу масала ички элита келишмовчилари предметига айланган. Қирғизистон раҳбариятининг бу борадаги ҳар қандай ижобий ҳаракати асосан хориж фондлари билан тўйинтирилган сиёсий рақиблар томонидан миллий манфаатларни бой бериш сифатида қабул қилинади”, - дея ёзмоқда у ўзининг Телеграм-каналида.
Унинг айтишича, Қирғизистон 30 йилдан ортиқ мобайнида баҳсли бўлиб келган ҳудудларнинг қарийб ҳаммасини олаётган бўлсада, қирғиз элитасининг келишувга қарши чиқиши ҳайратга солади.
«Улар 19,5 минг гектарни олишди. Ўзбекистон эса Кампиробод сув омбори остидаги 4.5 минг гектарни қўлга киритди холос. Ўрта-Тўқай сув омбори ҳам Қирғизистонга ўтди. Шу келишувга мувофиқ, 9 минг гектар ерлар (Ғавасой) ҳам Қирғизистонга берилди. Умуман олганда, Ўзбекистон Кампиробод сув омборидан ташқари барча баҳсли ҳудудларни топширди. Мазкур сув омбори ҳам умумий фойдаланишда бўлади. Шундай бўлса ҳам, мухолифатчилар Қирғизистон учун қулай келишувга қарши чиқишмоқда”, - деди эксперт.
Эргашевнинг айтишича, қирғиз мухолифатчилар ўзи нимани исташаётгани номаълум.
“Нима, улар Ўзбекистон Кампиробод сув омборидан ҳам воз кечишини хохлашаяптими? Яъни Ўзбекистон Қирғизистонга баҳсли ҳудудларнинг 100 фоизини бериши керак эканда? Ўзбекистонда “яхши қўшничилик муносабатлари” учун бу шартларга ҳам рози бўлган кучлар борлигини тушуниб турибман. Умид қиламанки, ҳукумат бунга йўл қўймайди”, - дея таъкидлади у.
Эргашувнинг қўшимча қилишича, айни ҳолат Қирғизистон ҳукуматининг янги саҳналаштирган постановкаси ҳам бўлиши мумкин.
“Аввалроқ (2021 йилнинг март ойида) жамоатчилик намойишлари баҳонасида Қирғизистон ҳккумати илгари рози бўлган келишувдан воз кечиб, музокараларнинг янги босқичини бошлаган эди. Оқибатда имзоланган келишувга кўра, Ўзбекистон баҳсли ҳудудларнинг деярли барчасидан Қирғизистон фойдасига воз кечди. Балким ҳозирги намойишлар Ўзбекистондан сўнгги ҳудудни олиш учун ҳукуматнинг ўзи томонидан уюштирилгандир? Балким мақсад – Ўзбекистонни Кампиробод сув омборидан фоз кечишга ундашдир?
“Улар Ўзбекистон баҳсли ҳудудларни тартибга келтириш борасида чекинишга тайёрлигини тушунишган. Айни дамда вазиятга босим қилишмоқда. Менимча, бу сценарийни Қирғизистоннинг ҳозирги ҳокимияти амалга ошираётгани бўлиши мумкин. У ердаги ҳолат тушунарли. Ўзбекистон ҳукуматининг нуқтаи назари қандай бўларкан?”- дея якунлади Эргашев.
Изоҳлар мавжуд емас