"Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди
Жамият

"Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди

50

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг қарорига кўра, иш материаллари мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судига юборилган.

Ташановга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202(2)-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан иш қўзғатилган. Ҳарбий прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, фаолнинг ижтимоий тармоқлардаги давлат мулозимлари, қийноқлар ва "Алламжонов иши" бўйича интервьюлари ҳокимият органларини обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон маълумот деб баҳоланган.

Абдураҳмон Ташанов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, барча чиқишлари аниқ мурожаат ва ҳужжатларга асосланганини таъкидламоқда. "Эзгулик" жамияти раисининг сўзларига кўра, унга мурожаат қилган фуқаронинг ўғли ДХХ тергов бошқармасида қийноққа солингани ҳамда юқори лавозимли шахсларга қарши кўрсатма беришга мажбурлангани ҳақида материаллар тақдим этган.

Ушбу мурожаатлар бир йил давомида Президент администрациясидан тортиб Омбудсмангача бўлган 10 дан ортиқ идораларга йўлланган. Фаол ўз ҳаракатларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хизмат вазифаси деб ҳисоблаган.

Ҳозирда фаолнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги барча чиқишлари юзасидан экспертиза марказларида ўрганишлар давом этмоқда. Ташанов ўзини судда ҳимоя қилишга тайёрлигини ва фақат қонунга таянишини маълум қилган.

Аввалроқ Ташанов коррупцияга қарши кураш учун ажратилиши керак бўлган грант маблағлари берилмагани, тантанали топширилган сертификат эса "қуруқ қоғоз" бўлиб чиққанини даъво қилганди. Жамият раҳбари Сенат қўмитаси раиси ва Антикор агентлигини судга беришга ҳозирлик кўрганди. 

Бироқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга жавобан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг 500 миллион сўмлик ижтимоий лойиҳаси Парламент комиссияси қарори билан бекор қилинганини маълум қилган эди. Бунга ташкилот раиси устидан тушган шикоятлар ва молиявий камчиликлар асос бўлган. 

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...