Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини такомиллаштиришга қаратилган Президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан ичимлик суви ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан "Ўзсувтаъминот" жамияти фойдаланишига топшириладиган барча ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмаси лойиҳалари махсус электрон платформа орқали мониторинг қилинади. Шунингдек, соҳага халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағларини жалб қилиш механизмлари кенгайтирилади.
2027 йилдан марказлашган ичимлик суви тармоғини тортиш иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлган ҳудудларда аҳолига сув махсус техникалар орқали етказиб бериш ёки сув шохобчаларини ташкил этиш каби алоҳида ёндашувлар асосида хизмат кўрсатилади.
Маълумот учун, Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига кўра, 2024 йилда Ўзбекистондаги 2148 та давлат корхонасининг фақат 982 таси фойда кўрган. Энг катта молиявий йўқотишлар орасида сув хўжалиги соҳаси ҳам қайд этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас