Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Шарқ тақвимига кўра янги 2025 йил Яшил Ёғоч Илон раҳнамолигида ўтади. Агар йилнинг (у 29 январда бошланади)бўлажак бекаси нимани ваъда қилаётгани билан танишган бўлсангиз, унда инсоният тарихида чуқур из қолдирган қадимги илон рамзларини эслашни таклиф қиламиз.
Бундай ёрқин мисоллардан бири - икки бошли Сўх илонидир. Ноёб археологик топилма Ўзбекистон қадимий тарихининг сирли бренди ва унинг очилмаган сирларидан биридир. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, хизмат кўрсатган санъат арбоби Турсунали Қўзиев ўз материалда таҳририятимизга сўзлаб берди.
Тамаддун бешиги
Фарғона водийсида жойлашган Сўх нафақат географик нуқта, балки тамаддуннинг ҳақиқий бешиги саналади. Бу тарих ва ирфоният кесишган жой, у ерда Олой тоғларининг абадий қорлари билан озиқланадиган ҳаётбахш булоқлар ер остидан отилиб чиқади. Айнан шу ерда Селунгур тураргоҳларида 1,5 миллион йил олдин яшаган одамнинг қолдиқлари топилган. Илм-фан соҳасида у "фарганатроп" деб номланган.
Сўх шунчаки аҳоли яшаш жой бўлмаган, милоддан аввалги I -минг йилликда у йирик шаҳар эди. Бу ҳақда "Ҳудуд ал-алам" номли рисолада ҳам, Х асрдаги араб саёҳатчиларининг эслатмаларида ҳам гувоҳлик берилган. Ҳатто Мўғуллар империясининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам Қобулга боришдан олдин бир йил ўтказган муҳим марказ сифатида Сўх ҳақида ёзган.
Бундан ташқари, Сўх – бу махсус маданият ривожланган ҳудуд. Милоддан аввалги XII-VIII минг йилликларнинг археологик топилмалари унинг аҳолиси ҳаёти ва ҳунармандчилигининг юқори даражада ривожланганлигидан далолат беради.
Сўхнинг бой тарихининг исботи III-IV асрлардаги ҳунлар ертўлалари бўлиб, унда қадимги дафн маросимлари ва эътиқодлари ҳақида муҳим маълумотлар топилган. Ушбу топилмалар аждодларимизнинг маънавий дунёсига назар ташлашга, уларнинг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги ғоялари ҳақида маълумот олишга имкон беради.
Минг йиллик сир
Аммо Сўхнинг асосий хазинаси, албатта,"Сўх тумори" деб номланган ва XIX аср охирида топилган қадимги артефакт саналад. У нефритдан ясалган ва икки бошли илоннинг рельефли тасвири билан безатилган, шунингдек, кучли рамзий маънога эга. Бир-бирига очиқ оғиз билан қараган илон бошлари, эҳтимол илгари қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлган, уларнинг экспрессивлиги одамни ҳайратга солади.
Бундан ташқари, олимларнинг таъкидлашича, тумор бронза даврига (милоддан аввалги III минг йиллик) тегишли. Бу уни дунёнинг бошқа қисмларида топилган аналогларнинг аксариятига қараганда қадимий қилади. Шунинг учун “Сўх тумори" олимлар орасида катта қизиқиш уйғотади.
Бугунги кунда мактаб дафтаридан бир оз каттароқ, аммо оғирлиги деярли беш килограмм бўлган ушбу қадимий артефакт Ўзбекистон тарихи давлат музейининг доимий экспозициясига киритилган. У бир неча бор жаҳон кўргазмаларида: Нью – Йорк Метрополитен музейида (2003), Париж Луврида (2022-2023), Берлиндаги Жеймс Симон галереясида (2023-2024) намойиш этилган ва антик давр ихлосмандларини ўзига мафтун қилган.
Бу артефакт деярли беш минг йил олдин Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида гуллаб-яшнаган қудратли давлатлар ҳукмдорларининг илоҳий герби-тумори бўлган деб тахмин қилинади. Икки бошли илон, эҳтимол, икки бараварли кучни, қарама – қаршиликларнинг бирлигини-донолик ва ҳимояни англатади. Бироқ, олимлар сирли туморнинг маъноси ҳақида ҳозирча аниқ маълумот топа олишмаган.
Эҳтимол, бу илон ўтмишга ойна бўлиб, ўша пайтда тарих ва мифология, рамзийлик ва воқелик қандай боғланганлигини кўриш имконини беради. Шахсан мен учун бу авлодларнинг донолиги асрлар давомида яшаб келаётганини ва ҳақиқий хазиналар нафақат моддий бойликлар, балки ўтмишимиз ҳақидаги билимдан иборатлилигини билдиради.
Шунинг учун шарқона илон йили шахсий такомиллашиш ва тарихнинг сирларига шўнғиш учун ажойиб имкониятдир ва улар қимматбаҳо тошлар каби кашф этилишини кутмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас