Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Индонезияда ўзбек меъморчилиги услубида қурилган биринчи масжид очилди. Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчихонаси маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар қилишича, у “Имом ал-Бухорий” деб номланган.
Мусулмонлар учун Муқаддас Рамазон ойи арафасида жорий йилнинг 9 апрель куни Индонезиянинг Чианжур шаҳрида Имом Ал-Бухорий номли масжид очилди. Таъкидлаш жоизки, у ўзбек меъморчилиги услубида қурилган.
Maсжид 2020 йилнинг март ойида мамлакатимиз ислом архитектурасини ўрганиш доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Гунадарма университети архитектура факультети профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг чизмаларига асосан қурилган.
Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий имиджини, шунингдек, зиёрат ва таълим туризмини тарғиб қилиш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг Жакартадаги элчихонаси 2020 йилнинг 4 мартидан 18 мартига қадар Индонезиянинг Гунадарма университети 200 нафар талабаси учун Ўзбекистонга сафар уюштирган эди.
Индонезиялик профессор-ўқитувчилар ва талабалар Бухоро, Самарқанд ва Тошкентнинг тарихий меъморчилигини ўрганишган. Сафар натижаси бўйича Ўзбекистоннинг тарихий биноларини қуриш услубларини Индонезияда жорий этиш бўйича тавсия ҳисоботи тузилган.
Роппа-роса бир йил ўтиб, дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга қарамай, ўзбек меъморий услубидаги масжид тўлиқ қуриб битказилган. Лойиҳа тўлиқ Гунадарма университети томонидан молиялаштирилган.
Янги масжидни безаш учун Ўзбекистон элчихонаси ходимлари "Усмон Мусхафи" Қуръони Карим, Ҳазрати Имом ва Имом ал-Бухорий мажмуаларининг деворий суратларини совға тариқасида беришган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас