Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон назорат органлари Ўзбекистондан олиб кирилган 21 тонна тарвузни мамлакат ҳудудига киритишга рухсат бермади. Расмийларга кўра, қарор маҳсулот сифати ёки зараркунандалар аниқлангани билан эмас, балки маркировка талабларига риоя қилинмагани билан боғлиқ.
Маълум қилинишича, 28 май куни "Дўстлик" чегара пунктида текширув ўтказган инспекторлар тарвуз партиясида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг мажбурий маркировка қоидаларига тўлиқ амал қилинмаганини аниқлаган. Шу сабабли 21 тонна маҳсулотдан иборат юк Ўзбекистонга қайтарилган.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолатни ўрганиб чиққан. Агентлик маълумотларига кўра, маҳсулот Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида етиштирилган бўлиб, 950 та қадоққа жойланган.
Текширув давомида фитосанитар сертификатда маҳсулот маркировкалангани қайд этилган бўлса-да, амалда қадоқларда белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинмагани аниқланган.
Шундан сўнг ваколатли идоралар томонидан чегара пунктларида карантин остидаги маҳсулотларни расмийлаштириш жараёнлари устидан назоратни кучайтириш чоралари белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитар хизматлари ўртасида қўшимча мулоқот ўтказилган. Унда ижтимоий тармоқларда тарқалган пиёз ва писта экспортига оид хабарлар муҳокама қилинган. Қирғизистон томони мазкур маълумотларни тасдиқламаган ва уларни асоссиз деб баҳолаган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тадбиркорларга экспорт ва импорт жараёнларида фитосанитар ҳамда маркировка талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатган.
Аввалроқ "Россия қишлоқ хўжалиги назорати идораси" Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини олиб киришга умумий чекловлар жорий этилгани ҳақидаги хабарларга муносабат
билдирганди. Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, Россия томони ушбу масала бўйича Ўзбекистоннинг ваколатли органлари билан техник музокаралар олиб боришга тайёр.

Изоҳлар мавжуд емас