Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олмаота шаҳри суди Orda.kz нашри собиқ бош муҳаррири Гулнора Бажкеновани ноқонуний тадбиркорлик, маблағларни ўзлаштириш ҳамда била туриб ёлғон ахборот тарқатишда айбдор деб топиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бироқ суд жазони ижро этишни 2 йилга кечиктирди. Шунингдек, Бажкеновага 5 йил давомида ОАВ, журналистика, блогинг ва жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, ОАВ билан боғлиқ ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгар лавозимларда ишлаш тақиқланди.
Бажкенова 2025 йил декабридан буён уй қамоғида бўлган. Унга 12 миллион тенгега (26 минг доллар) яқин солиқдан бўйин товлаш, 88 миллион тенгега (191 минг доллар) яқин маблағни ўзлаштириш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали била туриб ёлғон ахборот тарқатиш билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Ёлғон ахборот тарқатиш бўйича ишда 8 та эпизод кўриб чиқилган.
Суд жараёнида Бажкенова ўзини айбдор деб тан олмаган. У ўзига нисбатан босим ўтказилгани ва бизнесини эгаллаб олишга уриниш бўлганини таъкидлаган.
Маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ эпизод бўйича Бажкенова айбловни рад этиб, маблағларнинг бир қисми ходимларга иш ҳақи сифатида нақд берилганини айтган. Унинг таъкидлашича, бу ҳолатни суддаги гувоҳлар ҳам тасдиқлаган. Бироқ суд ушбу далилларни инобатга олмаган.
Orda.kz таҳририяти эса манфаатлар тўқнашуви сабабли Бажкенованинг суд жараёнини ёритишдан бош тортган.
Олдинроқ Остонада "Fasoollka" тахаллуси билан танилган Россия фуқароси Ксения Гузаева ижтимоий тармоқлардаги провокацион чиқишлари сабабли маъмурий жавобгарликка тортилди ва Қозоғистон ҳудудидан чиқариб юборилганди.

Изоҳлар мавжуд емас