Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Янги Тошкентда давлат идоралари учун маъмурий биноларни хусусий компаниялар ҳисобидан қуриш ва кейинчалик давлатга узоқ муддатли ижарага беришни таклиф қилди. Унинг фикрича, бундай механизм бюджет харажатларини камайтириш, қурилиш сифати ва самарадорлигини ошириш имконини беради.
Ортиқхўжаев бу таклифни тадбиркорлар билан Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги учрашувда билдирдган. У АҚШ тажрибасини мисол қилиб келтириб, Вашингтонда давлат муассасалари биноларининг қарийб 55 фоизи хусусий компанияларга тегишли эканини айтган.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳатто АҚШ Адлия вазирлиги ва ФБРнинг айрим бўлинмалари ҳам ижарага олинган биноларда фаолият юритади.
У Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар учун режалаштирилаётган биноларни ҳам шу механизм асосида қуришни таклиф қилган. Бунда хусусий қурилиш компаниялари объектларни ўз маблағи ҳисобидан барпо этади ва давлат органларига "офтейк" шартномалари асосида узоқ муддатли ижарага беради.
Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, давлат билан узоқ муддатли шартнома хусусий компанияга келгуси даромадларни кафолатлайди. Бу эса қурилиш учун хориждан маблағ жалб қилиш, облигациялар чиқариш ёки банк кредитларидан фойдаланиш имконини беради.
Бунда давлат тайёр бинолардан фойдаланади ва улар учун узоқ муддатли ижара ҳақини тўлайди. Тадбиркорнинг фикрича, қурилишга хусусий секторнинг буюртмачи сифатида жалб қилиниши объектларнинг нархи ва сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ортиқхўжаев ушбу таклиф амалга оширилса, 100 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши мумкинлигини билдирган.
Бундан олдин тадбиркор мигрантларни ватанга қайтишга чақириб, 10 минг кишини иш билан таъминлашни таклиф
қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас