Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Мовий гумбазлар” хиёбонида эсдалик стелласининг барпо этилишига оид танлов бўйича қарор қабул қилиниб, ҳокимлик натижаларни эълон қилиши керак. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбирига “Истиқлол” мажмуаси концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Азамат Зиё маълум қилди.
Танлов регламентига кўра, ғолибларни 2021 йилнинг 15 март куни эълон қилиш ва тақдирлаш белгиланган эди. Бугун 18 март бўлсада, ташкилотчилар сукут сақлашмоқда.
"7 февралгача аризаларни қабул қилдик. 7 мартдан олдин аниқ таклифлар – концепциялар, ёзма таклифлар, видеороликлар, макетлар, тақдимотларни кўриб чиқишимиз, қарор қабул қилишимиз ва 15 март куни эълон қилишимиз керак эди. Лекин иш кўп бўлгани учун ҳамма нарсани яхшилаб ўрганиб, маълум бир хулосага келдик. Биз комиссия сифатида ўз хулосамизни билдирдик. Ғолибни хокимлик эълон қилади, чунки у танлов таъсисчиси ҳисобланаади", - деди Зиё телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат чоғида.
Қизиғи шундаки, шаҳар ҳокимлигининг матбуот-хизмати бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдириб, негадир Batafsil.uz мухбирини ҳокимлик девонхонасига юборди. У ерда эса, ўз навбатида, матбуот хизматига бориш кераклигини айтишди.
Эслатиб ўтамизки, илк бор "Истиқлол" мажмуасининг барпо этилиши ҳақида ўтган йилнинг декабрида қабул қилинган қарор, сўнгра президентининг парламентга йўллаган мурожаатидан маълум бўлган эди. 2021 йилнинг 3 февралида эса пойтахт ҳокимлиги қурилишнинг концептуал лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилди. Қурилиш жойи сифатида "Мовий гумбазлар" яқинидаги боғ танланиб, бу қарор жамоатчилик орасида ва оммавий ахборот воситаларида кўплаб муҳоқамаларни келтириб чиқарди. Танқидий чиқишларнинг аксарияти боғдаги яшил экинларнинг тақдири билан боғлиқ эди.
13 февраль куни фуқаролар билан бўлган учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу хиёбонда стелланинг жойлашиши келажакда қурувчилар томонидан боғга қилиниши мумкин бўлган тажовузларга қарши ўзига хос тумор бўлишини таъкидлади. Шунингдек, бу ерда бирорта дарахт зарар кўрмаслиги, акс ҳолда у пойтахт маъмурияти раҳбари лавозимини тарк этишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтган.
Дарвоқе, танлов шартларидан бири - кўп йиллик яшил экинларни сақлаб қолиш ҳисобланади. Экологик партиянинг ҳисоб-китобларига кўра, боғда 1300га яқин кўп йиллик дарахт мавжуд бўлиб, мажмуанинг қурилиши натижасида уларнинг 500 га яқини йўқ қилиниши мумкин.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас