Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ўқитувчилар ва ўқувчиларни мактабдаги дарсдан ташқари кечки тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари бўйича баёнот берган. Бундай акциялар ташкилотчилари жазоланади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, ўқитувчилар ва ўқувчиларни мактаблар ичида ва ҳовлиларида ўтказиладиган кечки тадбирларда иштирок этишга мажбурий жалб қилиш тақиқланган. Бундай тадбирлар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшларга мўлжалланган бўлиб, уларни ўтказишга Ёшлар билан ишлаш агентлиги ва хусусан, туманлардаги ёшлар етакчилари масъул.
Сўнгги пайтларда ХТВга айрим ҳудудлардаги ўқитувчиларни кечки пайт мактабларда ўтказиладиган ва таълим жараёнига алоқадор бўлмаган турли маданий-маърифий тадбирларга жалб қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, мактаблар бундай тадбирлар ташкилотчилари учун фақат ўз инфратузилмаси – кутубхона, спорт зали, компьютер синфлари ва залини тақдим этиши керак.
"Ушбу тадбирларга мактаб маъмурияти, ўқитувчи ходимлар ва мактаб ўқувчиларини мажбурий жалб қилиш қатъиян ман этилади. Давлат раҳбарининг қарорига кўра, халқ таълими ходимларини ўз вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий жалб қилиш ҳам тақиқланган. Бу талабларни бузган давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари жавобгарликка тортилади", - дейилмоқда вазирлик баёнотида.
Изоҳлар мавжуд емас