Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЎзАга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, коронавирус аниқлангани боис, Тошкент вилоятининг айрим мактаб ўқувчилари онлайн-ўқишга ўтказилган.
Тошкент вилояти санитария - эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати берган маълумотларга кўра, Қибрай, Зангиота, Чиноз ва Тошкент туманларидаги айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида коронавирус юқиш ҳолатлари аниқланган, шунинг учун бу синфлардаги дарс машғулотлари онлайн тарзда давом эттирилади.
Республика санитария - эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2021 йил 4 мартдаги тегишли хатига асосан, COVID-19 аниқланган тақдирда мактаблардаги дарслар онлайн шаклга ўтказилиши лозим.
Афсуски, сўнгги кунларда Тошкент вилоятининг айрим туманларида ҳам коронавирус юқиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, 15 март куни Қибрай тумани санитария - эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан "Ўнқўрғон" маҳалласида яшовчи 30-сонли мактаб ўқувчиси ва Салар қишлоғидаги 5-сонли мактаб ўқувчисида коронавирус аниқланган. Шунинг учун бу ўқувчилар ўқийдиган синфлар тўлиқ онлайн шаклга ўтган.
Шунингдек, Зангиота тумани санитария - эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълумотларига кўра, 29-сонли мактабнинг тўрт нафар ўқувчисида коронавирус инфексцияси аниқланиб, натижада жорий йилнинг 12 мартидан бошлаб мактабнинг айрим синфлари ҳам масофавий таълимга ўтган.
13 март куни Чиноз тумани 17-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси COVID-19га гумон қилиниб, Зангиота тумани юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шунинг учун 15 мартдан бошлаб ушбу ўқитувчи дарс бераётган синф ўқувчилари 14 кун давомида дарсларни онлайн тарзда давом эттиради.
Бундан ташқари, Тошкент туманидаги 17-сонли мактаб ўқитувчисининг уч нафар оила аъзосида коронавирус инфекцияси аниқланган. Шунингдек, инфекция туманнинг 23-сонли мактаб ўқувчисида ҳам топилган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар Тошкент вилоятининг айрим умумтаълим мактабларида эпидемиологик вазият беқарор бўлиб қолаётганидан далолат бермоқда. Шу сабабдан аҳоли ўртасида профилактика чора-тадбирларига риоя этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилиб, ўзи ва яқинларининг саломатлигига эътибор қаратишга даъват қилинмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас