Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Жорий йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Ўзбекистон Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейсларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатади. Бу ҳақида Республика махсус комиссияси қарори асосида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Бу қарор дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тезкор кескинлашуви шароитида мамлакатда эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.
Сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари 14 кун давомида меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланган.
Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.
Изоҳлар мавжуд емас