Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Меҳнат кодексига киритиш таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, олий таълим ташкилотларида масофавий шаклда таҳсил олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида қатнашиш учун ҳар йили камида 15 календарь кун ўқув таътили берилиши мумкин. Бу вақтда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Шунингдек, иш берувчи ходимнинг имтиҳон сессияси ёки давлат аттестациясида иштирок этиши учун таълим муассасаси жойлашган ҳудудга бориш ва қайтиш харажатларининг камида 50 фоизини йилига бир марта қоплаши таклиф этилмоқда.
Лойиҳада масофавий таълимда ўқиётган ходимлар учун ўқиш даврида мослашувчан иш вақти режимини жорий этиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида Меҳнат кодексининг 386-моддасидаги "биринчи марта тегишли даражадаги таълим" тушунчасига ҳам аниқлик киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, бу тушунча ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълимда биринчи марта ўқишни, шунингдек, олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларида биринчи марта таҳсил олишни англатади.
Лойиҳа муаллифлари амалдаги қоидадаги ноаниқлик иш берувчилар томонидан турлича талқин қилинаётгани, бу эса ходимларнинг таълим олиш билан боғлиқ меҳнат кафолатларидан фойдаланишида муаммолар келтириб чиқараётганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иш тажрибасига эга бўлмаган фуқаролар учун уч ойгача ҳақ тўланмайдиган стажировка тизимини жорий этиш таклиф қилинганди. Қонун лойиҳасига кўра, биринчи марта ёки бошқа соҳада иш қидираётган шахслар корхоналарда иш ўрганувчи стажёр сифатида амалиёт ўташи мумкин. Шунингдек, ҳужжатда ходимларни ишдан бўшатиш ва меҳнат муносабатларини электрон тарзда расмийлаштиришга оид ўзгаришлар назарда тутилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас