Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда янги иш изловчиларга уч ойгача ҳақ тўланмайдиган стажировка жорий этиш таклиф қилинди
Жамият

Ўзбекистонда янги иш изловчиларга уч ойгача ҳақ тўланмайдиган стажировка жорий этиш таклиф қилинди

17
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ўзбекистонда иш тажрибасига эга бўлмаган фуқаролар учун уч ойгача ҳақ тўланмайдиган стажировка тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, биринчи марта ёки бошқа соҳада иш қидираётган шахслар корхоналарда иш ўрганувчи стажёр сифатида амалиёт ўташи мумкин. Шунингдек, ҳужжатда ходимларни ишдан бўшатиш ва меҳнат муносабатларини электрон тарзда расмийлаштиришга оид ўзгаришлар назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Меҳнат кодекси ҳамда "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Тажрибасиз иш изловчиларга уч ойгача стажировка таклиф қилинмоқда

Лойиҳадаги энг муҳим янгиликлардан бири — "иш ўрганувчи стажёр" институтини жорий этиш. Унга кўра, биринчи марта ёки бошқа касб ва соҳада иш қидираётган фуқаролар уч ойгача муддатда корхонада амалий кўникма орттириши мумкин.

Стажировка касбий стажировка шартномаси асосида ташкил этилади. Унда стажёрнинг қайси касб ёки лавозим бўйича амалиёт ўташи, унга бириктириладиган мураббий, стажировка муддати ва бошқа шартлар белгиланади.

Муҳим жиҳати, иш берувчи стажировка даври учун ҳақ тўлаш ёки тўламасликни мустақил ҳал қилиши мумкин. Яъни таклиф этилаётган механизмда ҳақ тўланмайдиган стажировка ҳам назарда тутилган.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу тартиб иш тажрибаси бўлмаган ёшлар ва касбини ўзгартираётган фуқароларга амалий билим олиш имконини беради. Иш берувчилар эса номзоднинг малакаси ва ташкилотга мослигини баҳолаши мумкин.

Стажировка якунида фуқарога сертификат берилиши белгиланган. Биринчи марта ишга кирувчилар ушбу сертификатни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш танловида тақдим этиши мумкин.

Ишдан бўшатишда иш берувчилар учун тартиб ўзгаради

Қонун лойиҳасида ходимларни қисқартириш ёки бошқа асосларга кўра ишдан бўшатиш жараёнида иш берувчиларнинг касаба уюшмалари ва маҳаллий меҳнат органларига ахборот бериш тартибига ҳам ўзгартиш киритиш таклиф қилинган.

Амалда иш берувчи ходимни ишдан бўшатиш ҳақида камида икки ой олдин огоҳлантириши керак. Агар огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилса, ҳам касаба уюшмаси ва меҳнат органларига маълумот бериш бўйича умумий муддатлар сақланиб қолади.

Лойиҳада эса бундай ҳолатда маълумотни компенсация тўлаш ҳақидаги буйруқ расмийлаштирилишидан олдин тақдим этиш таклиф қилинмоқда. Бу иш берувчиларнинг кадрлар билан боғлиқ қарорларни тезроқ амалга оширишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Ишдан бўшатиш ҳақида SMS орқали хабар бериш мумкин бўлади

Ҳужжатда меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга бу ҳақда хабар бериш усулларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган.

Жумладан, иш берувчи ходимнинг розилигини олмасдан туриб, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхасини почта орқали юбориши ёки "Ягона миллий меҳнат тизими"даги шахсий кабинетига жойлаштириши мумкин бўлади.

Шунингдек, ходимнинг номига расмийлаштирилган телефон рақами ёки электрон почтасига, меҳнат шартномасида келишилган бўлса, бошқа интернет дастурлари орқали ҳам SMS-хабар юбориш таклиф этилган. Хабарда меҳнат шартномаси бекор қилинган сана ва асослари кўрсатилиши керак.

Бу тартиб ходим иш жойида бўлмаган ёки буйруқ нусхасини олишдан бош тортган ҳолатларда ҳам меҳнат муносабатлари тугатилгани ҳақида уни хабардор қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, ишга тиклаш бўйича судга мурожаат қилиш муддатини ҳисоблаш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, уч ойлик даъво муддати буйруқ нусхаси топширилган ёки почта орқали юборилган, шунингдек белгиланган тартибда SMS-хабар юборилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...