Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 46-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси икки нафар ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатгани юзасидан расмий муносабат билдирилди. Ҳолат вилоят таълим ва илм-фан бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, педагогга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 18 ноябрь куни 5-соат дарс машғулотлари давомида юз берган. 9-"А" синфнинг икки нафар ўқувчиси ўзаро жанжаллашиб қолган ва ўқитувчи уларни бир неча бор ажратиб, тартибга чақирганига қарамай, ҳақоратлашиш ва муштлашишни давом эттирган.
Ўрганиш жараёнида ўқитувчи ўқувчиларнинг бир-бирига тан жароҳати етказишининг олдини олишга урингани, шунингдек, ўқувчилар томонидан педагогга нисбатан ҳам жисмоний куч ишлатишга уриниш бўлгани маълум бўлган.
Шунга қарамай, ўқитувчининг вазиятга муносабат билдиришдаги хатти-ҳаракатлари педагогик одоб-ахлоқ қоидалари ва касбий этика талабларига зид деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўқитувчига нисбатан Меҳнат кодексининг 312-моддаси 2-бандига асосан ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима шаклидаги интизомий жазо қўлланилган.
Бундан ташқари, вояга етмаган фарзандларининг тарбияси ва хулқ-атвори учун масъулиятни таъминлаш мақсадида ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.
Бошқарма таълим муассасаларида соғлом муҳитни таъминлаш ва касбий этикага риоя этилиши қатъий назоратда эканини маълум қилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўқитувчининг ўқувчи болакайга синфдошлари олдида қўпол муомала қилиб, уни дўппослаш билан қўрқитаётгани акс этган видео тарқалганди.

Изоҳлар мавжуд емас