Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аҳоли маиший газ баллонларини хавфсиз тўлдириши учун автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ҳудудида алоҳида жиҳозланган постлар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ газ етказиб бериш кечикса ҳам маиший газ баллонларни заправкалардан тўлдирса жавобгарликка тортилиши ҳақида хабар берилганди.
Маълум қилинишича, маиший газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш хавфсизлик талабларига зид ҳисобланади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сонли қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг 674-бандида ҳам белгиланган.
2026 йил 2 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ-1186-сонли Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш киритилиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу норма 2027 йил 5 февралдан кучга киради.
Шу билан бирга, аҳоли маиший газ баллонларини тўлдириш хизматидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этилмайди. Бу хизмат тегишли талабларга жавоб берадиган ва белгиланган тартибда рухсат олган махсус газ тўлдириш станциялари ҳамда шохобчалари орқали амалга оширилади.
Расмий маълумотга кўра, республика бўйича LPG-Trade тасарруфида бўлмаган 360 дан ортиқ газ тўлдириш шохобчаси ва станцияси мавжуд. Улар мустақил юридик шахслар томонидан бошқарилади ва аҳоли маиший газ баллонларини тўлдириш ҳуқуқига эга.

Изоҳлар мавжуд емас