Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, янги уйдан хонадон сотиб олган фуқаро қурилиш якунланиши ваъда қилинганидан бир йўл ўтсада, квартирага кўчиб ўтолмаган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш агентлигига Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи истеъмолчи мурожаат қилиб, 2019 йил 28 февраль куни “Andijon maxsus bunyodkor” МЧЖ билан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан уч хоналик, умумий майдони 79,5 кв/метр бўлган яшаш хонадони сотиб олиш учун шартнома тузганлигини билдирган. Истеъмолчи янги квартирани сотиб олиш учун тўлиқ маблағ, яъни 126 миллион сўмни тўлаган.
Шартномага биноан, қурилиш ишлари 2019 йил 31 декабрда якунланиши керак эди. Бироқ ҳатто бир йил ўтиб, аниқроғи 2020 йил 31 декабрь кунига қадар ҳам бино қурилиш ишлари якунланмаган. Ҳар сафар Andijon maxsus bunyodkor” МЧЖ директори истеъмолчининг пулини қайтариб бериш тўғрисидаги бир неча бор қилган мурожаатларига қуруқ ваъдалар берган.
Пул ҳам йўқ, квартира ҳам йўқ – истеъмолчи бундай вазиятда нима қилиши керак? Умидсизликка тушган андижонлик истеъмолчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий тузилмасига арз қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талабларида кўрсатилгандек, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлиги ҳақида қурувчига сўров хати юборилган.
Натижада, уй қурувчи истеъмолчига қурилиши тугалланмаган квартиранинг ўрнига, худди шундай квартиранинг яна бирини, лекин қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган объектни таклиф қилган. Истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланган ва ниҳоят у узоқ кутилган янги уйига кўчиб ўтган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас