Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўндан ортиқ давлатлар ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган. Ўзбекистонлик дипломатлар ватандошлардан элчихона билан алоқага чиқиб туриш ва ваҳимага тушмасликни сўрашмоқда. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги “Дунё” ААга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мамлакатлар геосиёсий кескинлик шароитида Украинада ўз фуқароларини ҳимоя қилишга интилмоқда. АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Финляндия, Норвегия, Латвия, Эстония, Черногория, Шимолий Македония ва бошқа қатор давлатлар ўз фуқароларини ушбу мамлакатни тарк этишга чақирган.
Ўзбекистон элчихонаси ўзининг Telegram гуруҳи орқали Украина ҳудудида бўлиб турган ватандошларга мурожаат қилган. Унда “тасдиқланмаган, сохта маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳима қўзғамаслик” сўралган.
“Элчихона Украина давлат органлари, дипломатик корпус ва юртдошларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди. Савол бўлса, электрон почта (embassy@uzbekistan.org.ua) ва телефонлар (+38 044 5015000, +38 044 5014182) орқали ёки дипломатларнинг Телеграм-манзиллари орқали элчихонага мурожаат қилинг ", - дейилмоқда мурожаатда.
Шунингдек, элчихонанинг билдиришича, Uzbekistan airways мунтазам равишда Киевга парвозларни амалга оширмоқда, манфаатдор фуқаролар Ўзбекистонга қайтиши мумкин. Авиакомпания маълумотларига кўра, Тошкентдан Киевга ва ортга бўлган навбатдаги рейслар чоршанба ва якшанба - 16 ва 20 февраль кунлари режалаштирилган.
Изоҳлар мавжуд емас