Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 7 июль куни, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот анжуманида журналистлар томонидан ҳудудлардаги ёнғинга қарши сув таъминоти тизимида жиддий камчиликлар ва муаммолар ўртага ташланди. Ҳолат юзасидан мутасаддилар муносабат билдирди.
Хусусан, Сирдарё вилояти мисолида олинадиган бўлса, ҳудуддаги мавжуд 990 та ёнғинга қарши гидрантдан 208 таси носоз ҳолатда эканлиги ва уларнинг аксариятида умуман сув йўқлиги айтиб ўтилди. Бу эса аҳоли пунктлари кенгайиб бораётган бир шароитда, йирик ёнғинларни бартараф этишда фавқулодда вазиятлар бўлинмалари учун катта тўсиқ яратмоқда.
Мазкур муаммога муносабат билдирган соҳа масъуллари вазиятни ҳудудларда кўп қаватли уйлар ва аҳоли хонадонлари сонининг кескан кўпайиши сув истеъмолини ошириб юборгани, бу эса гидрантлардаги сув босимининг пасайишига олиб келаётгани билан изоҳлашди. Бу тизимга бевосита "Сувсоз" ташкилоти масъул бўлиб, ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда белгиланган сув босимини таъминлаш чоралари кўрилаётгани билдирилди. Шунингдек, шаҳар ташқарисидаги сувсиз ҳудудларда янги ижтимоий объектлар атрофида маҳаллий аҳоли эҳтиёжи учун ҳам хизмат қиладиган махсус ёнғин ўчириш ҳовузлари ва пирслар ташкил этилаётгани маълум қилинди.
Яна бир инфратузилмавий тўсиқ сифатида автомобилларнинг ер ости гидрантлари устига қўйиб кетилиши нохуш вазиятларда қутқарувчилар ишини қийинлаштираётгани, шу сабабли эндиликда ер усти гидрантларини ўрнатиш ва уларнинг атрофини жалюзи қилиш тизими синовдан ўтказилаётгани айтиб ўтилди.
Матбуот анжуманида масъуллар томонидан берилган ушбу тушунтиришлар масаланинг объектив сабабларини кўрсатса-да, журналистик кузатувлар тизимда идоралараро мувофиқликнинг ҳали ҳам оқсаётганини яққол очиб беради. Шаҳарсозлик ва инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида янги турар жойлар қурилиши ва аҳоли зичлигининг ортиши олдиндан ҳисобга олиниши, унга мос равишда сув таъминоти тармоқлари ҳам параллел равишда модернизация қилиниши шарт.
Акс ҳолда, коммунал соҳа ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан сув босими масаласи ўз вақтида ҳал этилмас экан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг энг замонавий, катта ҳажмли ёнғин ўчириш техникалари билан таъминланиши ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин. Зеро, ёнғин жойида сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бир пайтда, гидрантлардан сув топилмаслиги ёки босимнинг пастлиги инсонлар ҳаёти ва мулкини хавф остида қолдирувчи асосий омил бўлиб қолаверади.

Изоҳлар мавжуд емас