Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 7 июль куни, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида мамлакатдаги глобал иқлим ўзгаришлари ва уларнинг оқибатида юзага келаётган сел-сув тошқинларига қарши кўрилаётган чоралар атрофлича таҳлил қилинди. Тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, агар 2025 йилда республика ҳудудида 51 та сел келиш ҳолати қайд этилиб, унда бир нафар инсон ҳалок бўлган бўлган. Жорий йилда вазият жиддий ўзгарган.
Жорий 2026 йилда сел ва сув тошқинлари сони кескин ортиб, қарийб 300 тани ташкил этган. Иқлим аномалияси туфайли хавф бир неча баробарга ошганига қарамай, ўз вақтида кўрилган тизимли ва тезкор чора-тадбирлар натижасида бу йил бирорта ҳам инсон талафотига йўл қўйилмаган. Матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аномал иссиқ туфайли мамлакатда "Долзарб 60 кун" фавқулодда режими жорий этилганини эълон қилди.
Бу йўналишдаги муҳофаза ишларини изчил ва узлуксиз давом эттириш мақсадида давлат томонидан сой ҳамда дарё ўзанларини тозалаш, тўғонларни мустаҳкамлаш ишларига катта миқдорда маблағлар йўналтирилмоқда. Хусусан, ушбу тадбирлар учун 2025 йилда 130 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 160 миллиард сўмга етказилган эди. Жорий йилда кузатилган кескин иқлим ўзгаришлари ва Навоий вилоятида охирги 75 йил ичида қайд этилмаган кучли, вайронкор сел келиши каби кутилмаган табиий ҳодисаларни инобатга олган ҳолда, ҳукумат томонидан хавфсизлик чораларини янада кучайтириш белгиланган.
Ушбу омиллар сабабли 2027 йилги махсус дастур доирасида соҳага ажратиладиган бюджет маблағларини қарийб 250 миллиард сўмгача ошириш режалаштирилган. Соҳа мутахассисларининг алоҳида огоҳлантиришича, ҳозирда тоғли ҳудудларда қор ҳажми ҳали ҳам жуда кўп ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида уларнинг фаол эриши кутилмоқда, шу боисдан ҳам республика бўйлаб хавфсизлик ва профилактика чоралари асло тўхтатилмайди.
Аввалроқ матбуот анжуманида жамоатчиликни энг кўп қизиқтирган ва ижтимоий тармоқларда турли баҳсларга сабаб бўлаётган нозик масалалардан бири — фавқулодда вазиятлар оқибатида қурбон бўлганлар сонининг яширилиши ёки камайтириб кўрсатилиши ҳақидаги гумонлар ўртага ташланганди. Ушбу саволга вазирлик масъуллари жавоб беришган эди.

Изоҳлар мавжуд емас