Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Онаси ижтимоий тармоқларда видеомурожаат қилган 18 ёшли оҳангаронлик билан боғлиқ вазият Омбудсман назоратига олинди. Аёлнинг таъкидлашича, ўғлини ҳибсга олгандан сўнг махсус қабулхонага эмас, балки прокуратурага жўнатишган, у ерда овқатлантиришмаган ва адвокат билан учрашишга рухсат беришмаган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизматининг хабар қилишича, мурожаат эълон қилинган куни Бош прокуратурага назорат хати юборилган. 6 май куни Омбудсманнинг минтақавий вакили Маъмурий қамоққа олинганлар учун махсус қабулхонадаги йигитни бориб кўрди.
Учрашув давомида йигитнинг айнан ўша ерда эканлиги маълум бўлди. Унинг таъкидлашича, махсус қабулхонада озиқ-овқат белгиланган қоидалар асосида берилади. Ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва сақлаш шароитлари устидан шикояти йўқ.
7 май куни маъмурий қамоқ муддати тугади ва йигит махсус қабулхонадан озод қилинди. Бироқ ўша куниёқ у Тошкент вилояти прокуратураси тергов бўлимига олиб келинган. Бу ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар бўйича терговга қадар текширув билан боғлиқ. Омбудсман вазият ривожини кузатишда давом этмоқда.
Бир кун аввал йигитнинг онаси ўғлига нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва у озодликка чиқиши керак бўлган куни янги айбловлар қўйилганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас