Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида камералар ўрнатилади. Улар ҳайдовчилар томонидан пиёдаларни ўтказиб юбормаслик ҳолатларини қайд этади.
Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зоир Йўлдошев маълум қилди.
"Келажакда пиёдаларни ўтказмаганлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида камераларни зарур бўлган барча жойларга ўрнатиш режалаштирилган. Ҳайдовчилар пиёдаларга йўл бермагани учун аллақачон жавобгарликка тортилмоқда. Янги камералар туфайли бу қоидабузарликлар автоматик равишда қайд этилади", - деди у.
Унинг сўзларига кўра, параллел равишда, айниқса, одамлар кўп ўтадиган жойларда - мактаблар, болалар боғчалари ва гавжум кўчалар яқинида ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойларини қуриш режалари ишлаб чиқилмоқда. ЙҲХБ вакилининг сўзларига кўра, бу хавфсизликни ошириш ва йўл ҳаракатига бўлган юкламани камайтириш имконини беради. Бу ишлар ҳокимликлар, Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда босқичма-босқич амалга оширилади.
Аввалроқ беш ой ичида 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жарима баллари олгани ҳақида хабар берилган эди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг умумий сони 6 фоиздан кўпроққа, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони эса 30 фоиздан кўпроққа камайди.

Изоҳлар мавжуд емас