Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда вояга етмаганларга оид жиноят ишлари фақат ёпиқ суд мажлисида кўрилади. Янги тартиб болаларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш ва суд жараёнида уларнинг ошкор бўлиши ёки жамиятда тамғаланишининг олдини олишга қаратилган.
Бу норма 2026 йил 12 сентябрдан кучга кирган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун билан белгиланди. Ҳужжат билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига жами 6 та кодекс ва 13 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Аввал вояга етмаганларга оид айрим жиноят ишлари тарбиявий мақсадда маҳалла, таълим муассасаси ёки бошқа жамоат жойларида сайёр тартибда кўриб чиқилиши мумкин эди.
Янги қонун билан бундай амалиёт бекор қилинган. Энди бундай ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади. Бу боланинг шахсий маълумотлари ошкор бўлиши ва суд жараёнининг унинг кейинги ижтимоийлашувига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси 2019 йилдаги 24-сонли умумий шарҳида ҳам боланинг шахсий ҳаёти суд жараёнининг барча босқичларида ҳимоя қилиниши лозимлигини қайд этган.
Қонун билан таълим-тарбия жараёнида вояга етмаганларга жисмоний зўравонлик қилиш, уларни камситиш ёки хўрлаш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилган.
Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс бир йил давомида таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.
Давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган боланинг ота-онасини алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмайди. Бу маблағлар бола мустақил ҳаёт бошлаганида унинг моддий таъминоти учун хизмат қилади.
Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни патронатга беришда уларнинг қариндошларига устуворлик берилади.
Бундан ташқари, нодавлат ташкилотлар ҳам етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни тарбиялаш хизматларига давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ёки бошқа шартномалар асосида жалб қилиниши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас