Пойтахт ҳокимлиги сув зовурлари тизими ва оқава-тозалаш иншоотларидаги муаммоларни тан олган. Бу муаммони ҳал этишда АҚШда ишлаётган ўзбек олими кўмаклашади
Жамият

Пойтахт ҳокимлиги сув зовурлари тизими ва оқава-тозалаш иншоотларидаги муаммоларни тан олган. Бу муаммони ҳал этишда АҚШда ишлаётган ўзбек олими кўмаклашади

724

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Пойтахт ҳокимлиги ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган сув зовурлари тизими ва оқава-тозалаш иншоотларидаги муаммоларни тан олган. Мухбиримиз хабар беришича, бу муаммони ҳал этишда АҚШда ишлаётган ўзбек олими Асқарали Каримов кўмаклашади

Эслатиб ўтамизки, илгари пойтахт ҳокимлиги сув тошқинларида ариқ ва зовурларни ифлослаётган аҳолини айблаб келаётган эди. Лекин шу билан бирга, ҳокимлик шаҳримизда ахлат қутилари етишмаётгани ҳақида негадир гапирмайди. Бундан ташқари, шаҳарни қайта бичаётган ва инфратузилмани инобатга олмай ўз ишини якунлаётган   қурувчилар масаласи ҳам “унутилиб” келинмоқда.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, мавжуд зовурлар (дренаж) тизими 1970 йиллар бошида лойиҳалаштирилган бўлиб, 1990 йилларгача барпо этилган. Бироқ, пойтахтда аҳоли сонининг ошиши, шаҳар сарҳадларининг кенгайиши, янги турар жойлар, саноат ва бошқа объектларнинг пайдо бўлиши билан сўнги йилларда мавжуд зовурларни ва тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда бу соҳага инвестицияларни жалб қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Тошкентда мавжуд бўлган учта тозалаш иншоотларидан иккитасининг қувватини ошириш талаб этилмоқда.

“Таъкидлаш жоиз, зовурларни ва тозалаш иншоотларини модернизация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва модернизация қилиш — юқори технологик ечимлар ва катта ҳажмдаги маблағларни талаб қилувчи мураккаб жараён. Ривожланган давлатларда реконструкция бўйича бой тажриба тўпланган бўлиб, юртдошларимиз бундай лойиҳаларни самарали амалга ошираётган хорижий компанияларда ишлаб келаётгани қувонарли. Улар қаторида АҚШда ишлаб келаётган ўзбек олими, техника фанлари доктори, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг битирувчиси, тошқин ва ёғингарчиликларни мониторинг қилиш, ичимлик ва оқова сувларини лойиҳалаштириш бўйича малакали мутахассис Асқарали Каримов бор”, -дея қайд этмоқда пойтахт ҳокимлиги.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан Асқарали Каримов иштирокида оқова сувларни тозалаш иншоотларини Ғарб стандартлари асосида модернизация қилиш масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилган.
Тошкент шаҳридаги оқова сувларни тозалаш иншоотлари соҳасидаги муаммолар билан танишган А.Каримов АҚШ ва Европа давлатларида дренаж тизимлари ва тозалаш иншоотларини реконструкция қилишда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳақида маълумот берган. Шунингдек, жараёнларни моделлаштиришда қўл келадиган лойиҳаларнинг картографик ва дастурий таъминоти ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

Ушбу маълумот Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларида қизиқиш уйғотган ва натижада, А.Каримов пойтахт тозалаш иншоотларини модернизация қилиш лойиҳасида иштирок учун таклиф қилинган. Юртдошимиз таклифни қабул қилган ва тез кунда Тошкентга етиб келади.

Тарафларнинг кейинги учрашуви бевосита Тошкентда бўлиб ўтади. Шаҳарни кўздан кечириш ва А.Каримовнинг таклифлари асосида пойтахтнинг оқова-тозалаш иншоотларини модернизация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+