Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, аҳолига газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш учун "Ҳудудгазтаъминот" таъсисчилигида LPG-Trade масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тақдимотда ахборот берилди.
Янги тизимга кўра, LPG-Trade суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда аҳолига етказиб бериш билан шуғулланади. Бу орқали газ хариди ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнини бозор механизмлари асосида ташкил этиш ҳамда таъминотда шаффофликни ошириш мақсад қилинмоқда.
Шу билан бирга, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади.
Хусусий операторлар фаолияти учун бир қатор талаблар белгиланиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, улар зарур лицензия ва рухсатномаларга эга бўлиши, малакали муҳандис-техник ходимлар билан таъминланиши лозим.
Хизмат кўрсатиш жараёнида камида икки операторнинг фаолият юритиши назарда тутилган. Бу орқали хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, истеъмолчилар учун танлов имкониятини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида суюлтирилган газга буюртма бериш ва уни етказиб бериш жараёнларида мобиль илова ҳамда онлайн хизматларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган газ шохобчалари ташкил этилади.
Тақдимотда суюлтирилган газ таъминотида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш билан бирга хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш ва операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш зарурлиги таъкидланган.
Андижондаги пилот лойиҳа натижалари асосида ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Андижон шаҳрида газ таъминоти тизимида катта миқдордаги маблағ ўзлаштирилиши билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланганди. "Андижоншаҳаргаз"корхонасининг масъул ходимлари томонидан аҳолига ажратилган суюлтирилган газнинг катта қисми сохта ҳужжатлар орқали талон-торож қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас