Загрузка
Загрузка
Суюлтирилган газ таъминотида умумий субсидиядан манзилли компенсация тизимига ўтилади
Жамият

Суюлтирилган газ таъминотида умумий субсидиядан манзилли компенсация тизимига ўтилади

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга суюлтирилган газ хариди учун унинг ҳар бир килограммига компенсация тўлаш таклиф қилинмоқда. Бу орқали аҳолига газни умумий субсидиялаш ўрнига бюджет маблағларини бевосита эҳтиёжманд истеъмолчиларга йўналтириш механизми жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёевга аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тақдимотда мазкур таклифлар маълум қилинди.

Айни пайтда суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Бироқ газни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги фарқ ортиб бораётгани бюджетдан ажратиладиган субсидияларга эҳтиёжни ҳам кўпайтирмоқда.

Тақдимотда таъкидланганидек, республикада қарийб 3,8 миллион аҳоли ҳамда 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газдан фойдаланади. Жорий йилда улар эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.

Шу билан бирга, амалдаги тизимда таъминот муддатлари билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, истеъмолчиларнинг 22 фоизи суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ кутиб олмоқда. Бундай ҳолатда айрим оилалар қўшимча эҳтиёжини газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида қоплашга мажбур бўлмоқда.

Янги ёндашувда суюлтирилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган механизмларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бунда давлат томонидан ажратиладиган маблағлар умумий субсидия сифатида эмас, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун манзилли компенсация шаклида берилади.

Яъни эҳтиёжманд истеъмолчиларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланади. Бу орқали нарх сиёсатини босқичма-босқич тартибга солиш ва давлат кўмагини аниқ истеъмолчига етказиш мақсад қилинмоқда.

Ижтимоий соҳа объектлари учун ҳам алоҳида механизм таклиф этилган. Уларнинг эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ биржа нархларида етказиб берилади, аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган тафовут эса республика бюджети ҳисобидан қопланади.

Президент давлат кўмаги, аввало, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож оилаларга етиб бориши зарурлигини таъкидлаган. 

Бундан олдин ҳам Мирзиёев нефть-газ тармоғида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларининг бориши юзасидан тақдим этилган ахборот билан танишганди. Давлат раҳбари аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ, суюлтирилган газ ҳамда бошқа ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, тизимни техник жиҳатдан тубдан таъмирлаш ва респубика ҳамда ҳудудий комиссиялар назоратини кучайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифаларни юклаган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...