Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 26 декабрь куни Тошкент ва Маврикий ўртасида илк бор тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади. Янги йўналишнинг очилиши ҳақида Ўзбекистон ва Маврикий туризм бизнеси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган икки томонлама очиқ мулоқот чоғида маълум қилинди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Режага кўра, декабрь охиридаги биринчи рейсдан сўнг 2027 йилнинг январь ойида яна тўртта парвоз амалга оширилади, июнь ойидан эса ҳафтасига бир маротаба доимий қатновлар йўлга қўйилади. Янги авиайўналиш нафақат ўзбекистонлик сайёҳлар, балки Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларидан келувчи йўловчилар учун ҳам Тошкент орқали қулай транзит имкониятини яратади.
Тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилиши йўлга кетадиган вақтни сезиларли даражада қисқартиради. Илгари ўзбекистонлик сайёҳлар оролга Дубай ёки Истанбул орқали қайта ўтиш (пересадка) билан 14–17 соатда етиб борган бўлса, эндиликда Тошкентдан Маврикийгача бўлган парвоз тахминан 8,5 соатни ташкил этади.
Бундан олдин Тошкент ва Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри ўртасида янги тўғридан-тўғри авиақатнов ишга туширилганди. Биринчи самолёт аллақачон "Гуанчжоу Байюн" халқаро аэропортига етиб борган, Ўзбекистон пойтахти ва Гуандун провинцияси ўртасидаги парвозларнинг умумий сони ҳафтасига 12 тага етган.

Изоҳлар мавжуд емас