Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси янги ўқув йили арафасида ташкил этилган "Мактаб бозорлари"да дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка чақирди. Қўмита савдо нуқталарида нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича мониторинг ишлари олиб борилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, мавсумий "Мактаб бозорлари" умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида ташкил этилган. Уларда ота-оналар ва ўқувчилар янги ўқув йили учун зарур товарларни харид қилмоқда.
Қўмита тадбиркорларга сотилаётган маҳсулотларнинг сифати ва нархлари асосли бўлиши, шунингдек, истеъмолчиларга товар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилиши шартлигини эслатган.
Ота-оналар ва ўқувчиларга эса харид вақтида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларга эътибор қаратиш тавсия этилган.
"Мактаб бозорлари"да нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига дуч келган фуқаролар Рақобат қўмитасининг 1159 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас