Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янгийўл туманида аҳоли ва тадбиркорларни барқарор электр ва газ таъминоти билан шуғулланадиган махсус штаб ташкил этилади. Президент топшириғига кўра, 1 октябрга қадар туман бу борада намунали ҳудудга айланиши керак.
Штабга энергетика вазири Шерзод Ходжаев раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари этиб Янгийўл тумани ҳокими Санъат Жуманиёзов тайинланади.
Мутахассислар икки ҳафта давомида тумандаги барча 51 та маҳалланинг ойлик, чораклик ва йиллик электр энергияси ва газга бўлган эҳтиёжини ўрганади. Олинган маълумотлар асосида энергия баланси шакллантирилиб, қаерда трансформатор ва газ тақсимлаш қурилмаларини алмаштириш, қаерда янги тармоқлар қуриш зарурлиги аниқланади.
Бундан ташқари, "ASKUE" ва "ASKUG" автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларига мос келмайдиган ҳисоблагичларни алмаштириш, шунингдек, ҳозирда тизимда ишламаётган асбоблардан маълумотлар узатишни тиклаш режалаштирилган.
Шунингдек, туманда электр ва газ йўқотишларини 2 баробарга қисқартириш дастури ишлаб чиқилади. Ҳужжатда қайси харажатларни соҳа корхоналари ўз зиммасига олиши, қайсилари маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилади.
Йирик энергия истеъмолчилари энергия аудитидан ўтказилади, банклар эса уларга энергия тежовчи технологияларни жорий этиш учун маблағ ажратади. Шунингдек, боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия истеъмоли таҳлил қилинади.
Бундан ташқари, мутахассислар кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимларини текшириб, энергия ресурслари учун қарздорликни камайтириш чораларини кўради. Барча ишларни 1 октябргача якунлаш режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас