Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва талон-торож қилиш каби жиноятларда айбдор деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди ҳукмига кўра, Мубин Мирзаев Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми "а" банди (жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси иккинчи қисми "а" банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 208-моддаси (ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айбдор деб топилган.
Суд унга уч йил муддатга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ҳамда 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.
Мазкур жиноят иши бўйича яна тўққиз нафар судланувчи ҳам шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган. Уларга нисбатан 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланган.
Мубин Мирзаев жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида солиқ тизимидаги камчиликлар кескин танқид қилиниши ортидан Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда "Чорсу" бозори ва "Малика" савдо мажмуасидаги солиқ интизоми билан боғлиқ қонунбузилишлар, яширилган савдо тушумлари ҳамда қўшилган қиймат солиғини ноқонуний қайтариш ҳолатлари танқид қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас