Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимини баҳолаш ҳамда махсус сертификат бериш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, сертификатлаштириш тизими, энг аввало, хавф даражаси юқори бўлган, жиноятчилик кўрсаткичи ошган ва фаолияти "қониқарсиз" деб топилган идораларда жорий этилиши белгиланган. Жараён ҳар йили март ойида тасдиқланадиган режа-график асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг камида 7 нафар мутахассисдан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўтказилиши кўзда тутилган.
Баҳолаш 14 иш куни ичида 7 та йўналиш (очиқлик, жамоатчилик назорати ва бошқалар) бўйича 100 баллик тизимда амалга оширилади.
Натижаларга кўра 81–100 балл тўплаган ташкилотларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилиши, 55–81 балл олганларга эса камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой вақт берилиши белгиланган. 55 баллдан кам тўплаган ёки камчиликларни ўз вақтида тузатмаган ташкилотлар сертификатсиз қолиши ҳамда бу ҳолат тизим йўлга қўйилгунча раҳбарларга бериладиган рағбатлантириш тўловларини тўхтатиб туришга асос бўлиши кўзда тутилган.
Олдинроқ Президент фармони билан суд аппарати ходимлари учун коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган янги чекловлар жорий этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас