Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун виза хизматларини кўрсатиш бозорини атрофлича таҳлил қилди. Ушбу таҳлил натижаларига кўра, мамлакатимизда фаолият юритаётган учта йирик виза маркази бозорда ҳал қилувчи таъсирга эга экани аниқланиб, уларга махсус ҳуқуқий мақом берилди.
Хусусан, VFS Global Services UBKN компанияси Буюк Британия, Швейцария, Нидерландия, Белгия ва Чехия каби жами 20 та давлатга, Vizametric компанияси эса Америка Қўшма Штатларига (АҚШ) виза ҳужжатларини расмийлаштириш бозорида "устун мавқега эга" деб эътироф этилган. Шунингдек, Германия ва Франция давлатлари йўналишида хизмат кўрсатувчи TLS Contact компанияси бозорда "устун музокара кучига эга" деб топилган.
"Рақобат тўғрисида"ги қонунчиликка кўра, бундай мақомга эга бўлган компаниялар ўз фаолиятини рақобатчиларга боғлиқ бўлмаган ҳолда эркин юритиш ва бозордаги нарх сиёсатига бир томонлама таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Айни пайтда бу мақом мазкур виза марказлари зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Қонунчиликка кўра, улар томонидан хизмат ҳақларини асоссиз равишда ошириш, сунъий чекловлар ўрнатиш ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини камситиш ҳолатлари устун мавқени суиистеъмол қилиш деб баҳоланади. Рақобат қўмитаси ушбу корхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ва нархларнинг адолатли бўлишини доимий назорат қилиб боришини билдирган.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси бозорда устун мавқега эга бўлган компанияларни нархларни асоссиз оширишга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирганди. Регулятор мониторингни кучайтирди ва товарлар ва хизматлар нархининг шаклланиши устидан назорат доимий равишда амалга оширилишини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас