Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўтган йил давомида Россия Федерациясида фаолият юритган 150 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг мақоми "миграция амнистияси" доирасида қонунийлаштирилган.
Давлат раҳбари хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқаролар тақдири ҳукуматни жиддий ташвишга солаётганини таъкидлаб, Россиядаги ушбу ижобий тажрибани бошқа мамлакатларда ҳам қўллаш бўйича кўрсатма берди.
Бунинг учун хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш ва ватандошларни қонуний меҳнат майдонига олиб чиқиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Янги тартибга кўра, миграция оқими юқори бўлган давлатларда, айниқса Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихона консулларининг энг асосий вазифасига айланади. Шу билан бирга, чет элдаги фуқароларни консуллик ҳисобига қўйиш жараёнидаги бюрократия кескин қисқартирилади ва тартиб соддалаштирилади.
Йиғилиш якунида фуқаролардан хорижда бўлиш вақтида мезбон давлат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.

Изоҳлар мавжуд емас