Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россиянинг энг машҳур ОТМларидан бири - Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси Ўзбекистонлик талабалар учун 12та грант жой ажратган. Бу тўғрисида Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Мазкур ОТМ давлат ва муниципал бошқаруви йўналиши бўйича бакалавриат учун саккиз нафар, магистратура учун эса тўрт нафар талабгорни қабул қилишга тайёр.
Ўқитиш Сибир филиали (Новосибирск)да ўтади, у бутунлай бепул бўлиб, талабаларни саралаш академиянинг Ўзбекистондаги ҳамкори – Ziyo Forum фан ва таълимни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилади.
"Бу биз учун стратегик муҳим ҳамкорлик ҳисобланиб, ўтган йили ўзбекистонлик талабаларни қабул қилган эдик, буни муваффақиятли кейс деб ҳисоблаш мумкин. Шунинг учун, жорий йилга квота оширилди", - деди Академиянинг Сибирь бошқармаси директори Олег Фёдоров.
Грант учун аризани қандай топширса бўлади?
Бу ерда барча қоидалар билан танишиш ва ариза тўлдириш мумкин.
Аризалар 8 апрелгача, шу куни ҳам қабул қилинади.
"Ҳар йили юз минглаб абитуриентлар ОТМларга кира олмайди. Қабул квотаси абитуриентлар сонидан бир неча баробар кам бўлиб, ёрдам беришнинг муқобил йўлларини излаяпмиз. Бу йил юзга яқин грант олишни режалаштирганмиз. Географиямизни кенгайтириш учун ҳаракат қиламиз. Бу йил етакчи техник ва гуманитар йўналишдаги ОТМлар ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишга тайёр бўлиб, оммабоп мутахассисликларга устуворлик бераяпмиз ва федерал даражадаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилаяпмиз", - деди Ziyo Forum фан ва таълимни ривожлантириш жамғармаси директори Бобур Фармонов.
Унинг сўзларига кўра, ўқишга кириш учун билим ва айнан шу соҳаларда ўқиш истагидан бошқа ҳеч нарса керак емас.
"Аризаларни қабул қилиш ва Академияга сараланиш талабалар учун мутлақо бепул. Шу билан бирга, давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди, ОТМ билан ҳамкорлик ҳукуматлараро битимлар орқали амалга оширилади", - дея таъкидлади у.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас