Загрузка
Загрузка
Сенат оилавий ажримлар статистикасини очиқлади: 7 ойда 29 мингдан ортиқ оила ажрашган, медиация ва тайёрлов тизими кутилган натижани бермаяпти
Жамият

Сенат оилавий ажримлар статистикасини очиқлади: 7 ойда 29 мингдан ортиқ оила ажрашган, медиация ва тайёрлов тизими кутилган натижани бермаяпти

22
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда оила институтининг инқирози ва ажримлар сонининг ортиб бориши давлат даражасидаги жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонованинг парламент сўровига берган ҳисоботи эълон қилинди. 

Расмий рақамларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатда 29 минг 353 та никоҳ бекор қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 минг 470 тага ёки 5 фоизга кўпдир.

Парламентда тақдим этилган маълумотлар шуни кўрсатадики, айни пайтда республикада 10 миллион 505 мингдан ортиқ оила мавжуд бўлиб, жорий йилнинг январь–июль ойларида 115 минг 879 та янги оила барпо этилган. Расмай идоралар ажримларнинг ўсиш суръати йил бошидаги 11 фоиздан июлга келиб 5 фоизгача секинлашганини ижобий тенденция сифатида кўрсатишга уринмоқда. 

Бироқ ҳудудлар кесимидаги манзара фарқли: Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида оилаларнинг парчаланиши кескин кўпайган бўлса, Наманган ва Андижонда айрим пасайишлар қайд этилган.

Давлат томонидан оилаларни сақлаб қолиш ва низоларни ҳал этиш учун муайян маъмурий чоралар кўрилаётгани айтилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил май ойидаги қарори билан 208 та туман ва шаҳарда "Оила ва хотин-қизлар масканлари" ташкил этилган, никоҳланувчи ёшлар учун 16 соатлик "Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш" ўқув курслари йўлга қўйилган. 

Салкам 97 минг нафар ёш ушбу курсларни битиргани ва фуқаролик ишлари бўйича судлар орқали 2026 йилнинг биринчи ярмида 2 666 та оила яраштириб қўйилгани билдирилган.

Шу билан бирга, Сенатдаги муҳокамалар тизимда жиддий бўшлиқлар ва формализм сақланиб қолаётганини юзага чиқарди. Хусусан, оилавий низоларни тинч ва ўзаро келишув йўли билан ҳал этишга қаратилган медиация институти деярли ишламаяпти: жорий йилнинг ўтган даврида бутун мамлакат бўйлаб атиги 151 та медиатив келишув тузилган, холос. 

Мустақил кузатувчилар ва сенаторлар таъкидлаганидек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларининг асл самарадорлиги пастлигича қолмоқда, низоли оилалар билан ишлашда юзаки ёндашув устунлик қилмоқда ҳамда психолог ва медиаторлар имкониятидан самарали фойдаланилмаяпти. 

Тадбир якунида Сенат тегишли қарор қабул қилиб, оилавий муносабатларни соғломлаштириш ва ажримларнинг олдини олиш бўйича қатор тавсияларни илгари сурган.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...