Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Унга кўра, товардаги камчиликларни ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда унинг сифатини қўшимча текширишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди.
Қонунга кўра, агар товардаги нуқсонлар уни харидор сотиб олганидан кейин сақлаш ёки фойдаланиш қоидалари бузилгани ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари натижасида юзага келганини ташқи белгилар орқали аниқлаб бўлмаса, товар қўшимча текширувдан ўтказилади.
Шунингдек, ҳужжатда текширув муддатлари ва харажатларни қоплаш тартиби белгиланган. Истеъмолчига эса шахсан ёки ўз вакили орқали ушбу текширувда иштирок этиш, шунингдек, товар сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча текширтириш ҳуқуқи берилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва бозорда ишончли ҳуқуқий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас