Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Швеция Ўзбекистон билан биринчи марта миграция ва мобиллик соҳасида ҳукуматлараро битим тузди.
Шунингдек, мамлакатлар пилот дастурни ишга тушириш бўйича қўшма декларацияни тасдиқладилар. Миграция агентлиги қайд этишича, ҳужжатлар ўзбекистонликларнинг Швецияда қонуний ишлаши, ўқиши ва яшаши учун ҳуқуқий механизм яратади.
Ҳамкорлик Швеция меҳнат бозори учун тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш соҳаларида мутахассислар тайёрлашни қамраб олади. Шунингдек, номзодлар ва Швеция иш берувчилари ўртасида алоқа механизмларини яратиш, талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун алмашинувни кенгайтириш, миграция дастурлари иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, томонлар виза тартиб-таомилларини соддалаштириш, дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этиш, ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши биргаликда курашишни кучайтириш мақсадида келишиб олдилар.
Аввалроқ Швециядан миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга қайтгани хабар қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас