Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кадастр агентлигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев раислигида ўтган ушбу тадбирда ташкилий масала кўрилиб, агентлик тизимига янги раҳбар ва унинг ўринбосарлари тайинланди.
Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Садриддин Турдиев Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган ва муассасага раҳбарлик қилиш масъулияти унинг зиммасига юкланган. Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан агентлик директорининг ўринбосарлари таркиби ҳам янгидан шакллантирилган.
Унга кўра, Мурат Файзуллаев директорнинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлайдиган бўлган. Алишер Хафизов, Мирсаид Мирмаксудов ҳамда Тўлқин Абдуллаев эса агентлик директорининг ўринбосарлари этиб тайинланишган.
Бундан ташқари, соҳада катта тажрибага эга бўлган Абдушукр Абдуллаев Кадастр агентлиги директорининг маслаҳатчиси лавозимига лойиқ кўрилган. Урбанизация қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, йиғилиш якунида янги раҳбарият ва кадастр органлари мутасаддилари олдига ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича энг муҳим устувор вазифалар юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, 8 июнь куни ҳам Тошкент вилояти бошқарув тизимида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилганди. Хусусан, Нурафшон шаҳрига янги ҳоким тайинланган эди, шунингдек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга икки нафар янги ўринбосар иш бошлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас