Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) терма жамоалар бўлими собиқ бошлиғи Шерзод Игамбердиев миллий терма жамоа сардорларидан бири Жалолиддин Машариповнинг кутилмаганда Жаҳон чемпионати қайдномасидан чиқарилгани юзасидан кескин баёнот берди. У мазкур қарорни нопрофессионаллик ва футболчига нисбатан адолатсизлик деб баҳолади.
Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Машарипов бел қисмидаги жароҳати қайталангани туфайли жамоа қайдномасидан чиқарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Игамбердиевнинг таъкидлашича, Машарипов бир ой давомида терма жамоа ихтиёрида бўлиб, Тошкент ва Америкадаги йиғинларда қатнашган, барча тиббий кўриклардан ўтган ва ЖЧ учун расмий 26 кишилик якуний рўйхатга киритилган. Мусобақа бошланишига бор-йўғи бир ҳафта қолганида футболчида "тўсатдан" умуртқа поғонаси чурраси (грижа) аниқлангани ҳақидаги баҳоналар мутлақо асоссиздир. "Умуртқа поғонаси чурраси тўсатдан пайдо бўлиб қолмайди. Қолаверса, бундай муаммо дунёдаги жуда кўплаб футболчиларда учрайди", — дейди собиқ мутасадди.
Терма жамоалар бўлими собиқ бошлиғи Машарипов ушбу жароҳатни кўп йиллар давомида айнан ватан шаънини ҳимоя қилиб орттирганини эслатиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, саралаш босқичларида, хусусан Қатардаги муҳим ўйинларда Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровлар жароҳат олган оғир пайтларда Машарипов соғлиғини хавф остига қўйиб, юқори иситма ва касал ҳолида майдонга тушган.
Натижа зарур бўлган пайтда ундан охиригача фойдаланилгани, Лаосдаги ўйиндан сўнг футболчи ҳолсизликдан икки кун хонасидан чиқа олмай ётганида унга овқат ташилганларини маълум қилган.
Шерзод Игамбердиев терма жамоага айнан керакли натижани олиб берган тажрибали футболчининг энг муҳим мусобақа арафасида бундай тарзда сафдан чиқарилишини "жуда хунук ҳолат" деб атаган. Ҳозирда ушбу вазият футбол жамоатчилиги ва мухлислар ўртасида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас