Соғлиқни сақлаш вазирлиги ковидга чалинган беморлар  бўйича чалкаш статистикани  тушунтириб берди
Жамият

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ковидга чалинган беморлар бўйича чалкаш статистикани тушунтириб берди

899

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима сабабдан коронавирус билан касалланган одамлар бўйича расмий статистика ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олинган маълумотлар бир-биридан тахминан 10 баравар фарқ қилишини тушунтирди. Сабаби шундаки, вазирлик фақат ПЗР орқали тасдиқланган коронавирус ҳолатларини статистикага киритади. Пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликларга чалинганлар ковид сифатида қайд этилмайди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Тошкентда бўлиб ўтган матбуот-анжуманида Самарканд вилоятида коронавирус бўйича расмий статистика 10 баравар камайтирилганлиги ҳақида айтиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 5 октябрь куни соат 23:30 ҳолатида Самарқанд вилоятида 2160та коронавирус ҳолати аниқланган, 2017 та бемор соғайиб, 143 та бемор даволанмоқда. Шу билан бирга, Бурхонов маълумотларига қараганда, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги шифохоналарда 1 155 нафар бемор коронавирус билан даволанмоқда, демак, касалланганларнинг ҳақиқий сони қарийб 10 баробар камайтирилган.

Бу тафовутлар Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан статистика, ковидли беморлар билан ишлайдиган тиббиёт ходимларига тўловлар, тендерлар ва давлат харидларини атрофлича ўрганилишига сабаб бўлди.

Ўз навбатида соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга оид статистикани яширишдан манфаатдор эмаслигини билдирди.

“Коронавирус статистик кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб борилиб, унга махсус лаборатор (ПЗР) тиббий текширувлар (шу жумаладан, нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган тест натижалари) орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади. Айрим симптомлар мавжуд бўлиб, коронавирусга гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмония ёки ўткир респиратор инфекциясига чалинган ёки уларга гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди”, - дея таъкидлади вазирлик.

Шунингдек, вазирликнинг билдиришича, ҳозирда мавсумий юқумли респиратор касалликлар авж оладиган куз фасли бошланганини инобатга олсак, турли вирусли касалликларнинг аҳоли орасида авж олиши ҳам даволаш муассасаларидаги беморлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Бундай беморлар юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналар ҳамда юртимизнинг қатор ҳудудларидаги Саралаш ва тақсимлаш марказлари, шунингдек, вақтинчалик “COVID” шифохоналарида, жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам бундай беморлар стационар шароитда даволанишмоқда.

Мисол учун, ҳозирда Самарқанд вилоятида 14 та туман ва 2 та шаҳар аҳолиси учун 41 та шифохонада жами 11 763 шифо-ўринлари мавжуд. Шундан коронавирусни даволаш ҳамда касалликда гумон қилинган беморлар бошқа беморлардан алоҳидалаш учун 2 950 та шифо-ўрни яратилган.

Ҳозирда ушбу шифо-ўринларида коронавирусга гумон қилинган, лекин ПЗР лаборатор текширувида тасдиқланмаган (шу жумладан, клиник симптомлари ўхшаш бўлган мавсумий юқумли респиратор касалликларга чалинган) беморларни бошқа турдаги касалликлардан алоҳида стационар даволаниши ташкил этилган.

Шу йил 7 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда 136 нафар ЖССТ тавсиялари асосида коронавирус инфекцияси аниқланган бемор даволанмоқда. Бу вазирлик бераётган расмий статистикага мос келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ўринсиз cаросимага сабаб бўлувчи тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликни, шунингдек, фақат расмий маълумотларга таянган ҳолда фикр юритишни сўраб қолади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+