Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтда қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратиш мақсадида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан чораларни кучайтирмоқда. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти расмий баёнот берди.
Ҳозирги кунда пойтахтнинг турли ҳудудларида автомобилларни пиёдалар йўлаклари (тротуарлар), пиёдалар ўтиш жойлари яқинроғи, жамоат транспорти бекатлари, яшил зоналар ҳамда тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда қолдириш ҳолатлари сурункали тус олган. Бундай қоидабузарликлар нафақат умумий ҳаракатга, балки махсус техникалар, жамоат транспортлари ва айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болалар араваси билан ҳаракатланувчи ота-оналарнинг хавфсиз ҳаракатланишига жиддий тўсқинлик қилмоқда.
Шу сабабли, шаҳарда тартибни ўрнатиш ва жамоат жойларининг барча учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда. Унга кўра, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган транспорт воситалари эвакуация қилиниб, белгиланган тартибда махсус жарима майдончаларига жойлаштирилади.
Мутасаддилар ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга ва автомобилларни тақиқланган ҳамда бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит берадиган жойларда қолдирмасликка чақирмоқда. Маъмуриятнинг таъкидлашича, кўчалардаги тартиб умумий маконга бўлган ҳуурматдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Рақобат қўмитаси Streetpark Systems (Poytaxt parking) компаниясини пуллик автотураргоҳ бозорида "юқори музокара кучига" эга бўлган ўйинчи сифатида тан олганди. Бу шуни англатадики, автотураргоҳ оператори энди ҳукуматнинг махсус назорати остида ва ҳайдовчиларга ўз шартларини юклаш ёки нархларни ошириш расман тақиқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас