Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева мактаб ўқувчиларининг ота-оналарига мурожаат қилди. У мактаб ўқитувчиларини камситмасликни ва педагог касбининг мақомини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
«Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари аҳамияти бугун ошган бўлса ошганки, асло пасайган эмас”, - дея Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда.
Сенат раисининг сўзларига кўра, оталар ва оналар фарзандларнинг таълим-тарбияси учун масъулдир. Лекин тан олиб айтиш керакки, бугунги ўқувчи ҳам, ота-оналар бошқа авлодга мансуб.
Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани республика учун катта муаммодир. Танзила Норбоеванинг фикрича, ота-оналарнинг ҳатти-ҳаракати муаллимнинг жамиятдаги мақомини обрўсизлантирмоқда. ”Фарзандининг арзимаган шикояти учун мактабга югуриб келиб ўқитувчига “ташланиш”дан кўпчилик ота-оналар уялмай қўйди”, - дея қайд этмоқда Сенат раиси.
“Ҳурматли ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: фарзандим ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналмасин, мустақил фикрли, мулоҳазали инсон бўлиб вояга етсин десангиз болангиз қалбида ўқитувчига эҳтиром ҳиссини тарбияланг ва ўзингиз ҳам устозларни эъзозланг”, - деди Танзила Норбоева.
Норбоева эслатиб ўтдики, ўқитувчи ўқувчи ёки унинг ота-онаси томонидан оёқости қилинадиган одам эмас, балки зиё тарқатувчи инсон, керак бўлса ҳаммадан бир поғона юқори турувчи шахсдир. Албатта, қонунда жавобгарлик белгилаб қўйиш билан бу каби муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. “Бу ижтимоий онг даражасига етиши, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”, - деди Сенат раиси.
Изоҳлар мавжуд емас