Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2030 йилгача Тошкент метрополитени фаолиятини кенгайтириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган янги чоралар белгиланди.
Президентнинг "Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, 2030 йилгача метро орқали ташиладиган кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, метро бекатлари сони 79 тага, линиялар узунлиги эса 103 километргача оширилади.
Ҳужжатда поездлар ҳаракати интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, 2028 йил якунига қадар метро бекатларига кириш жойлари ва бекатлар орасидаги ўтиш йўлакларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда вендинг аппаратлари ҳамда кичик кўчма савдо объектлари жойлаштирилади.
Шунингдек, метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил қилиниб, Park & Ride тизими жорий этилади. Унга кўра, автотураргоҳдан фойдаланган йўловчиларга метро чипталари учун чегирмалар берилиши, шунингдек, автотураргоҳ тўловини метро чиптаси орқали қоплаш механизми ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, хусусий тадбиркорларга метро тоннеллари ва бекатларида аукцион асосида ижарага жой ажратилиб, хавфсиз фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими сезиларли даражада ўсиб бораётганини қайд этганди. Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг май ойида метро хизматидан фойдаланувчилар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада юқорилаган.

Изоҳлар мавжуд емас