Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент метрополитени "Чилонзор" йўналишидаги "Чинор" бекати 2026 йилнинг 13 июнидан бошлаб реконструкция ишлари сабабли вақтинча ўз фаолиятини тўхтатади. Таъмирлаш ишлари давомида йўловчиларга ноқулайлик туғдирмаслик учун "Чинор" ва "Янгиҳаёт" бекатлари ўртасида бепул метробуслар қатнови йўлга қўйилади.
Метрополитен матбуот хизматининг маълум қилишича, бекатни замонавий қиёфага келтириш ва йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида кенг кўламли лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу режа доирасида бекатнинг кириш ва чиқиш қисмлари сезиларли даражада кенгайтирилади. Шунингдек, йўловчилар оқимини тезлаштириш мақсадида қўшимча 12 та янги турникет ўрнатилиши кўзда тутилган.
Aлоҳида эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга қаратилган бўлиб, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали оилаларнинг ҳаракатланишини осонлаштириш учун бекатда 4 та катта сиғимли лифт фойдаланишга топширилади. Метро маъмурияти вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраб, мазкур ишлар метро инфратузилмасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас