Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент–Самарқанд йўналишида қурилиши режалаштирилган 282 километрлик янги пуллик автомагистрал лойиҳаси бўйича ўтказилган халқаро тендерда Хитой компанияси ғолиб деб топилди. 2,18 миллиард долларлик ушбу йирик лойиҳанинг қурилиш ишларини жорий йилнинг июль ойида бошлаш кўзда тутилган.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг маълум қилишича, айни пайтда шартнома имзолаш ва қурилишга тайёргарлик кўриш юзасидан музокаралар давом этмоқда. Лойиҳанинг сифатли ва замонавий талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида халқаро консалтинг компанияси жалб этилади.
Лойиҳа маблағларининг 85 фоизи (1,857 миллиард доллар) хорижий кредитлар, қолган 328 миллион доллари эса давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Кредитлар Хитой тараққиёт банки, Экспорт-импорт банки ва Коммуникациялар банки томонидан тақдим этилиши кутилмоқда. Шунингдек, 200 миллион долларлик "бриж-кредит" жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳа доирасида 91 та кўприк, 12 та транспорт ечими, 60 та туннелли ўтиш жойи ва 16 та йўл ўтказгични қуриш режалаштирилган. Шунингдек, интеллектуал транспорт тизими ва 12 та замонавий терминал ўрнатилади.
Мазкур трасса ҳозирги йўлнинг ўтказувчанлик даражаси ўз чегарасидан ошиб кетганлиги сабабли ўта муҳим аҳамиятга эга. Янги йўл тирбандликларни бартараф этиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақтини 2–2,5 баробарга қисқартиради.

Изоҳлар мавжуд емас