Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ва Эрон ўртасидаги уч ойлик зиддият янги босқичга чиқди. Томонлар ўртасидаги тинчлик музокаралари тўхтаб қолган бир пайтда, минтақада ҳарбий фаоллик кучаймоқда.
Жумладан, АҚШ томонидан амалга оширилган янги зарбалар, шунингдек, Қувайт ҳудудида қайд этилган ҳужумлар хавфсизлик вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
АҚШ минтақада ўзининг 15 мингга яқин ҳарбий хизматчиси билан Эрон портларига нисбатан блокада режимини кучайтирмоқда. Бундан ташқари, Қатар, БАА ва Баҳрайн каби Форс кўрфази давлатларидаги базаларда минглаб қўшимча кучлар жойлаштирилган.
Стратегик муҳим бўлган Ҳўрмўз бўғози кемалар қатнови кескин қисқарган. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси денгиз кучлари маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида атиги 23 та кема рухсат билан ўтган. Таққослаш учун, урушгача бўлган даврда бу кўрсаткич кунига 125–140 тани ташкил этган.
АҚШ ҳарбийлари минтақадаги стратегик объектларга зарба беришни давом эттирмоқда. Хусусан, Эроннинг Бандар-Аббос шаҳридаги ер усти бошқарув станцияси нишонга олингани хабар қилинган. Ўз навбатида, Қувайт томони ҳам мамлакат ҳудудида янги ҳужумлар содир бўлганини расман маълум қилган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидласа, Эрон томони мамлакат уранни бойитиш ва бўғоз устидан назорат ҳуқуқидан воз кечмаслигини билдирмоқда. Томонлар ўртасидаги ҳарбий таранглик минтақада глобал энергия хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Аввалроқ ҳам АҚШ Қатардаги музокаралар фонида Эрон жанубидаги ҳарбий объектларга зарба берганди. Америка томони маълумотларига кўра, ҳужум натижасида Эроннинг иккита ҳарбий кемаси чўктирилган ва ракета қурилмаси зарар кўрган эди.

Изоҳлар мавжуд емас