Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида Мустақиллик куни арафасида арзонлаштирилган озиқ-овқат байрам ярмаркалари ташкил қилинган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Ижтимоий йўналтирилган ярмаркалар мамлакатимизнинг аҳоли зич жойлашган деҳқон бозорларида ташкил этилмоқда. Улар 5 сентябргача ҳар куни соат 08:00 дан 20:00 гача очиқ бўлади.
Чакана савдо шохобчаларида сотувчилар учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Жумладан, улар раста, музлатгичлар, тарози ва маҳсулотларни сақлаш омборлари ҳамда тўлов терминаллари билан таъминланган.
Озиқ-овқат ярмаркасининг формати деҳқон ва фермерларга ўз маҳсулотларини расталарни ижарага олмасдан тўғридан-тўғри харидорларга сотиш имконини беради. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини камайтиради ва якуний нархга ижобий таъсир қилади. Пластик карточкалар билан ҳам тўлаш имкони мавжуд.
Пойтахтимизнинг асосий 11 та - Фарҳод, Аския, Сергели, Эски Жува, Авиасозлар, Қуйлиқ, Юнусобод, Миробод, Қорақамиш, Наврўз, Чилонзор деҳқон бозорларида мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, дуккакли маҳсулотлар, гуруч, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, шакар ва турли ичимликлар савдоси ташкил этилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус озиқ-овқат ярмаркаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилишини ҳар куни мониторинг қилиб боради, уларнинг нархларини назорат қилади ва бозорларнинг маҳсулотлар билан таъминланганлигини кузатади.
Изоҳлар мавжуд емас