Загрузка
Загрузка
Кичик ва микро ГЭСлар учун электр энергияси тарифлари аукционда белгиланади
Иқтисод

Кичик ва микро ГЭСлар учун электр энергияси тарифлари аукционда белгиланади

7
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда кичик ва микро гидроэлектр станцияларини барпо этишга хусусий секторни жалб қилиш мақсадида электр энергиясини харид қилишнинг янги механизми жорий этилади. Президентнинг 19 августдаги ПҚ-298-сон қарорига кўра, қуввати 5 мегаваттгача бўлган кичик ва микро ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорлари "E-auksion" электрон савдо майдончасида ўтказиладиган, ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифини пасайтириб боришга қаратилган электрон аукцион орқали аниқланади. Бунда аукцион учун бошланғич ва энг қуйи тарифлар белгиланади.

Мазкур механизмга мувофиқ, аукцион жараёнида электр энергиясини сотиб олиш тарифи пасайтириб борилади ва у белгиланган энг қуйи тарифдан паст бўлиши мумкин эмас.

Бунда қуввати 500 киловаттгача бўлган микро ГЭСлар учун бошланғич тариф II гуруҳ истеъмолчилари учун амалдаги электр энергияси тарифининг 150 фоизи, энг қуйи тариф эса 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Қуввати 500 киловаттдан 2 мегаваттгача бўлган кичик ГЭСлар учун ушбу кўрсаткичлар мос равишда 120 ва 40 фоизни, қуввати 2 мегаваттдан 5 мегаваттгача бўлган ГЭСлар учун эса 100 ва 30 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, кичик ва микро ГЭСларни лойиҳалаш ва қуриш тартиблари ҳам соддалаштирилади. Жумладан, қуввати 50 киловаттгача бўлган ва иншоот ҳажми 300 куб метрдан ошмайдиган айрим микро ГЭСлар учун шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ҳамда давлат архитектура-қурилиш назоратидан ўтиш талаби бекор қилинади.

Қарор билан, шунингдек, кичик ва микро ГЭСларни барпо этиш мақсадида каналлар, дарёлар ва сув ўзанларининг конструкциясини ўзгартиришга рухсат бериш назарда тутилган. Бу орқали электр энергияси ишлаб чиқариш учун сув босимини ошириш имконияти яратилади.

Умуман, 2026–2030 йилларда мамлакатда кичик ва микро ГЭСларнинг умумий қувватини 204 мегаваттга етказиш ҳамда улар ҳисобига йилига 620 миллион киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Шунингдек, мазкур станциялар ишлаб чиқарадиган электр энергияси билан 350 мингта хонадонни таъминлаш кўзда тутилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...